1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Хонимларга лозим сифатлар

«Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир» китобида аёлнинг зийнати ва иззати бўлган сифатлар ҳақида қуйидаги мулоҳазаларни ўқиш мумкин:
«Исломда ҳаромнинг воситаси ҳам ҳаром ҳисобланади. Яъни ҳаромга етказадиган нарса ҳам ҳаромдир. Зино қилиш ҳаром, ана шу эътибордан унга олиб борувчи восита бўлмиш бегона аёлга шаҳват билан қараш ҳам ҳаром бўлади. Чунки бегона аёлга шаҳват билан назар солиш кишини фаҳш ишга - зинога олиб бориш хавфи бор.
Аллоҳ таоло Нур сурасида:
«Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар», деб марҳамат қилган.
Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса, эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эр-какларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилишига сабаб бўлиши ва охир-оқибат бу иш зинога олиб бориши мумкин бўлган.
Шунинг учун махфий зийнатларни ошкор этиш мақсадида ўша зийнатларнинг овозини қасддан чиқаришга ҳаракат қилиш ҳам Исломда тақиқланди.
Психолог олимларнинг таъкидлашларича, баъзи одамларда аёлларнинг чиройини кўриб, шаҳвати қўзимаса ҳам, улардаги зийнатларнинг овозидан ҳирслари уйғонар экан. Ҳолбуки, Қуръони Карим бу ҳақиқатни бир минг тўрт юз йил муқаддам эътиборга олган.
Ушбу ояти каримадан олинган қоидага биноан, мўмина-муслима аёлларга бегона эркакларнинг шаҳватини қўзғатиб, фитнага сабаб бўлмасликлари учун, нафақат ҳирсни қўзғатадиган овоз бериш, балки шунга восита бўлиб қоладиган бошқа нарсалар ҳам жоиз эмас. Шунинг учун ҳам мўмина-муслима аёлларнинг кўчага хушбўй атирлардан сепиб чиқишлари ман қилинган».
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда «Зинога яқинлашманг» дея амр қилганда, айнан ўша зино ишини эмас, балки унга васила бўлувчи катта-кичик барча ишлардан йироқ бўлиш лозимлигини ирода қилган. Булар жумласига аёлларнинг майин овозда, чиройли услубда эркакларга гапиришлари ҳам киради. Бу ҳақда «Тафсири Ҳилол»да Аҳзоб сурасининг баъзи оятлари тафсирида нималар дейилганига эътибор берайлик.
«Эй Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг, яна қалбида касали бор бўлган тама қилиб юрмасин. Ва маъруф гапни гапиринглар» (32-оят).
Яъни сизларнинг бошқа ҳамма аёллардан фарқларингиз бор. Сизлар Пайғамбарнинг хотинларисиз, мўминларнинг оналарисиз. Ҳамма мўминалар учун ўрнаксизлар.
Ҳа, сизлар аёллардан бирортаси каби эмассизлар. Бу мақомга эришишларингиз учун Пайғамбарга жуфти ҳалол бўлганингизнинг ўзи етмайди, тақво ҳам қилишларингиз керак.
«Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг...»
Овозингизни майин, назокатли қилиб, эркак кишига таъсир этадиган ҳолатда гапирманг.
«...яна қалбида касали бор бўлган тама қилиб юрмасин».
Мунофиқ ва иймони заифлар сизнинг майин овозингизни эшитиб, фисқу фужурни бошлаб қолмасинлар.
«Ва маъруф гапни гапиринглар».
Амри маъруф бўладиган, кишиларни тақвога, яхшиликка чақирадиган гаплардан гапиринглар.
«Уйларингизда қарор топинг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг. Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Албатта, Аллоҳ сиздан кирликни кетказиб, бутунлай поклашни ирода қилади, эй аҳли байт!» (33-оят).
Ушбу оятда яна мўминларнинг оналарига - Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига бир неча амр йўлланмоқда:
«Уйингизда қарор топинг».
Албатта, барча мўминаларга ўрнак бўладиган оналаримизга виқорларини сақлаб, уйларида ўтириш амр қилинмоқда. Бундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари уйдан чиқишлари мумкин эмас экан, деган фикр тушунилмайди. Ушбу ояти карималар нозил бўлганидан кейин ҳам оналаримиз уйларидан чиққанлар. Нафақат уйдан чиққанлар, балки узоқ-узоқ сафарларга ҳам борганлар.
Мисол учун, Умму Салама онамиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳудайбияга борганлар. Оиша онамиз ҳам у зот билан бирга ҳажга борганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам уйдан чиққанлар, сафарларга борганлар. Бу ерда, арабларнинг одати бўйича, аёл кишининг асосий жойи уй бўлиши кераклигига ишора қилинмоқа. Айниқса, мўминларнинг оналари бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари учун виқор билан уйларида ўтиришлари, сабабсиз остона ҳатлаб чиқмасликлари зийнат ва фазилатдир.
«Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг».
Жоҳилият - Исломдан олдинги тузум. У вақтда аёллар очилиб-сочилиб, ясан-тусан қилиб, эркакларнинг эътиборини ўзига тортишга интилар эдилар. Ўзларини бозорга солиб, таналари ва зебу зийнатларини кўз-кўз қилар эдилар. Бундай очилиб-сочилиб юриш «табарруж» дейилади. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза аёлларини жоҳилият тузумининг хотинлари каби очиқ-сочиқ юрмасликка амр этмокда. Бу амр ҳар бир муслима аёлга тегишли, лекин ҳар бир муслимага ўрнак бўладиган оналаримизга янада кўпроқ тегишли экан.
«Намозни тўкис адо этинг...»
Намозни тўкис адо этиш энг зарур амаллардан биридир. Айниқса, аёл кишилар учун яна ҳам аҳамиятли. Чунки фарзандлар доимо улар билан бўлади. Аёлнинг намозни тўкис адо этиши бола тарбиясига сўзсиз таъсир қилади.
«...закот беринг...»
Аёлларнинг молиявий ибодатга алоҳида эътибор билан қарашлари лозимлигини шу оятдан билиб оламиз. Одат бўйича, молиявий ибодатлар эркакларнинг ишига ўхшаб қолган. Лекин Аллоҳ таоло аёл кишига ҳам эркак киши билан тенг мол-дунё касб қилишига изн берганидан кейин, улардан молиявий ибодатни ўз ўрнида адо этишларини ҳам талаб этади.
«...Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг».
Бу ҳамма амру фармонларнинг жамловчисидир. Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат қилиш доирасига юқорида зикр этилган ва зикр этилмай қолган бошқа ишлар ҳам киради. Ҳар бир мўмин ва мўмина Аллоҳга ва Унинг Расулига тўла итоат қилмагунича, комиллик касб этмайди. Уларга айни комилликдан дарс берувчи зотлар эса мўминларнинг оналари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари бўлмоғи лозим. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ёстиққа бош қўйиб яшаётган аёллар - уйларида Қуръон оятлари тушиб турган бандалар Аллоҳга ва Унинг Расулига биринчи бўлиб итоат қилмасалар, ким итоат қилар эди?!
«Албатта, Аллоҳ сиздан кирликни кетказиб, бутунлай поклашни ирода қилади, эй аҳли байт!»
Ушбу жумладаги «кир», албатта, маънавиятга тегишлидир, яъни бундан гуноҳлар ва бошқа маънавий доғлар тушунилади. «Аҳли байт» - хонадон аҳллари. Шиъа мазҳабидагилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ахди байт»лари деб ҳазрати Алий, Фотима онамиз ва уларнинг фарзандларинигина назарда тутадилар. Аммо Аҳли сунна ва жамоа уламолари ушбу ояти каримани далил қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳаралари ҳам «ахди байт»га киришларини айтадилар. Бу мақом улар учун катта бахтдир. «Ахди байт» дейилишининг ўзи катта гап. Чунки бу ибора бошқаларга ишлатилмайди. «Аҳли байт» деганда, фақат маҳбуб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадон аҳллари тушунилади, холос. Уша ахди байтдан кирликларни кетказишни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олмокда. Ўша аҳли байтни бутунлай поклашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олмокда.
Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳараларига қаратилган нидосини қуйидаги оят билан якунлайди:
«Ва уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланг. Албатта, Аллоҳ ўта латифдир, ўта хабардордир» (34-оят).
Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига улар яшаб турган уйлар оддий уй эмас, Аллоҳнинг оятлари нозил бўлиб, тиловат қилиниб турган манзил эканини эслатмоқда. Улар яшаб турган уйлар оддий уй эмас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари жорий этилиб, ҳадислари сўзланиб турган уйлар эканини эслатмоқда. Айни чоғда, улар уйларида тиловат этилаётган Қуръон оятла-рини ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳикматли ҳадисларини унутмасликка, уларни эслаб, англаб, ўрганиб, сўнг амал қилишга буюрилмокдалар.
«Албатта, Аллоҳ ўта латифдир, ўта хабардордир».
Биз «латиф» деганда «лутфли», «марҳаматли» деган маъноларни тушунадиган бўлиб қолганмиз. Аслида, «латиф» сўзи «ҳар бир нарсанинг ўта нозик жойларигача яхши билувчи» деган маънони билдиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳараларига бўлган узоқ нидодан сўнг, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳар бир нарсани энг нозик жойигача яхши билувчи, ҳар бир нарсадан ўта хабардор Зот эканини айтиш билан «Ана ўша айтилган амрларга амал қиласизларми, йўкми, ҳаммасини билиб тураман», деб огоҳлантирмоқда.
Исломда оила масаласига алоҳида эътибор билан қаралиши маълум. Чунки оила ҳар бир жамиятнинг ўзаги бўлади. Оилалари мустаҳкам бўлган жамиятнинг ўзи ҳам мустаҳкам бўлади. Ҳамма нарса оиладан бошланади.
Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига алоҳида эътибор беришда ҳам катта ҳикмат бор. Чунки Ислом жамиятининг ўзаги мусулмон оилалари бўлса, мусулмон оилаларнинг ўзаги ушбу муборак оиладир. Исломий оила кандай бўлади? Исломий оилада ўзаро муносабатлар қандай бўлиши керак? Шу каби кўплаб саволларга айнан мана шу муборак оиладан жавоб ва ўрнак олинади.
Бу хусусда мулоҳазалар жуда ҳам кўп. Лекин нима учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳараларига бунчалик жиддий эътибор берилмоқда? Ҳолбуки, душманлар «Ислом аёллар маса-ласига эътибор бермайди, аёл кишига мислсиз жабр-ситам беради», - деб айблайдилар-ку?
Аввало, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига Қуръони Каримда бунчалик кўп эътибор берилишининг ўзи душманларнинг гаплари беҳуда эканига ёрқин далилдир. Қолаверса, бу масалада анчагина гап бор. Аллоҳ таоло ер юзига Ислом нурини юбора бошлаган вақтда бутун дунё жаҳолат ботқоғига ботган эди. Чор атрофда жоҳиллик, адолатсизлик, зулм ва жабру ситам ҳукм сурарди. Айниқса, аёлларга тегиш-ли масалаларда бу салбий ишлар авж олиб, энг чўққига чиққан эди. Ҳатто аёлни одам ўрнида кўрмайдиган тоифалар бор эди. Масалан, насоролар оламида алоҳида йиғилиш ўтказилиб, ўша вақтдаги раҳнамолар томонидан «Аёл эркакни йўлдан уриш учун яратилган шайтондир, унга кўзи тушган одам ҳам гуноҳкор бўлади. Аёл ҳавони булғатмаслиги учун оғзига тўсиқ тутиб юриши керак», деган қарорлар қабул қилинган эди. Аҳли китоб бўлмиш насоролардан келгани шу бўлганидан кейин, бошқа тоифаларни қўйиб турсак ҳам бўлади. Жоҳилият тузумида аёлга дунёнинг матоҳи сифатида қаралар эди. У эркак кишига матоҳ эди, гўё. У эркак кишининг шаҳвати учун керак эди. Жинсий алоқаларда ким нимани хоҳласа, шуни қиларди. Оила масаласи жуда оғир аҳволда эди. Аёл кишини молу мулкка қўшиб, мерос қилиб олиш оддий ҳол эди. Аёлга қилинган паст муносабатлар, унга етказилган турли зулмларнинг мисоллари бошқа сура ва оятларда ҳам келди.
Ислом дини мукаммал илоҳий тузум ўлароқ, дунёдаги мавжуд барча нуқсонларни, жумладан, инсониятнинг нафис парчаси саналмиш аёлларга муносабатдаги мавжуд нуқсонларни ҳам тузатишга киришди. Аёлга тўлақонли инсон сифатида қараш масаласини ўртага қўйди. Аёлларга қилинаётган зулм, жабр ва ситамни кесишга киришди. Шу билан бирга, исломий қонун-қоидаларни, ахлоқ-одобларни, тасаввур ва маданиятни жорий қила бошлади. Ўша вақтда аёлларга етказилган зулм кўп бўлгани учун Исломда уларга эътибор ҳам кўп бўлди.
Қуръони Каримнинг узун сураларидан бири Нисо («Аёллар») деб аталди. Бошқа бир сура Мужодала («Тортишувчи аёл») номини олди. Шунингдек, Талоқ сурасини ҳам «Кичик Нисо», дейишади. Қуръони Каримнинг бошқа сураларида ҳам аёллар масаласига алоҳида эътибор билан қаралади. Нур сураси бунинг ёрқин мисолидир. Ҳозир биз ўрганаётган Аҳзоб сураси ҳам шулар жумласига киради. Аёлларга бўлган эътиборнинг тасдиғи ўлароқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматига қилган оммавий ваъз-насиҳатларидан ташқари, яна аёллар учун алоҳи-да мажлислар ҳам ўтказиб турардилар.
Шу билан бирга, мазкур оятларни, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, ҳадисларини, шариат аҳкомларини муслима аёлларга ўзига хос услуб билан етказадиган, хусусан, аёлларнинг ўзларигагина хос бўлган масалаларни тушунтириб берадиган муаллималар керак эди. Бу вазифани фақат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларигина бажаришлари мумкин эди. Шунинг учун ҳам юқорида ўрганган оятларимизда у зотларга алоҳида эътибор билан қаралмоқда, алоҳида талаблар қўйилмокда. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари кўп бўлгани ҳам асосан шу эътибордандир. Чунки бундай улкан масъулият - Ислом уммати аёлларига Қуръони Карим, Суннати набавия таълимотларини, шариат аҳкомларини етказиш битта ёки тўртта аёлнинг қўлидан келадиган иш эмас эди».
Аҳзоб сурасининг 32-оятида келган «майин сўз қилманг», деган амрни далил қилиб, аёл кишининг овозини аврат деймиз. Аммо бу авратлик овознинг қай ҳолатда чиқишига боғлиқ эканини баъзан яхши англамаслик мумкин. «Зикр аҳлидан сўранг» китобининг 1-жузидаги 135-саволда айнан шу ҳакда сўз боради:
Савол: «Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари! Мен одамлар орасида «Аёл кишининг овози аврат» деган гапларни кўп эшитаман. Шу масалага ойдинлик кирит«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Оддий ҳолатларда аёл кишининг овози аврат эмас. Бунга саҳобаи киромлар Оиша онамизга парда ортидан туриб, саволларига жавоб эшитганлари далилдир. Агар аёлнинг овози аврат бўлса, Оиша онамиз номаҳрамларга овозларини эшиттирмаган бўлар эдилар.
Аёл кишининг нозу карашма ила ёки майин товушда номаҳрамларга гапириши жоиз эмас. Бу ҳақда алоҳида оят нозил бўлган. Ушбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига хитоб бўлса-да, оятнинг ҳукми барча мўминаларни қамраб олади. Яъни мўмина аёллар мунофиқ кимсаларнинг фисқу фужуридан эҳтиёт бўлиш учун бегоналарнинг олдида майин, назокатли товуш билан гапирмасликлари лозим».
Шайх ҳазратларининг биз ўрганган илк мақолалари, рисола ва китоблари, айтиш жоиз бўлса, аёл зотининг қадри, ўрни нақадар улуғ экани, Ислом аёлларни ҳар томонлама мукаммал ҳимоясига олганини баралла айта олган, аёллар қалбининг асрий нолаларини, орзу-истакларини ўзида акс эттирган садоси бўлди.
Аёлларнинг ҳуқуқлари, оиладаги мавқеи ҳақидаги дадил суҳбатлар бугун табиий бир ҳолатдек туйилиши мумкин, аммо саксонинчи йиллар мафкураси учун ақл бовар қилмас иш эди. Бунга биринчилардан бўлиб журъат қила олган шахс - Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бўлди.
Бугунга келиб, одамларнинг диний саводхонлиги бирмунча ортиб, Қуръони Карим ва ҳадиси шариф билан танишгач, Шайх ҳазратлари юртдошларига таълимнинг илмий босқичи - фиқҳ, ақийда, тафсир, ҳадис ва Исломнинг бошқа тармоқларини ўргата бошлади.
Шубҳасиз, бу илм соҳаларида ҳам аёллар масалалари, уларга доир одоблар, вазифалар, ҳукмлар баён этилган боблар очилди.
Аёлларимизнинг ҳам диний савияси кўтарилгач, улар динлари тўғрисида ўзларини қизиқтирган саволларни ёзиб, жавоблар ола бошладиар. Бу ишларни енгиллатиш мақсадида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф интернет-мактуб услубини жорий қилдилар.
Ватанимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда аёлларнинг қадри, ҳуқуқлари, уларни оғир меҳнатдан халос этиб, турмушларида енгилликлар яратиш ҳақида гапирган ва бунга бирмунча эришган бўлсалар, энди уларнинг амал қилишлари лозим бўлган фарз-вожиблари, динларига тегишли кўплаб масалалар бироз қатъий ва илмий йўл билан муолажа қилинди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари энди аёлларимизга зарур, улар ўзлаштиришлари лозим бўлган сифатлар ҳақида тўхталиб, аёлларни шундай таърифладилар:
«Ислом ҳамма яхшиликларнинг асосидир. Муслима аёллар қуйидаги исломий сифатлар билан сифатланган бўладилар:
Иймон-иқрор, ихлос, қалбдаги сокинлик, ободлик;
Сертавба - гуноҳлардан қайтувчи, Аллоҳнинг амрига, Расулнинг суннатига қайтувчи;
Ибодатли - намоз ўқувчи, зикр, тиловат ва бошқа ибодатларни бажарувчи;
Рўзадорлик - бу ҳам ибодатларнинг зўри саналади.
Аёлларимиз ҳар доим мазкур исломий сифатлар билан ўзларини зийнатлашга ҳаракат қилмоқлари лозим».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Нозик хилқат" китобидан

Ҳозир сайтимизда 836 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ