1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ғийбат таърифи

Шариатда «ғийбат» деб бирор кишининг ёмон сифатини унинг ўзи йўқлигида, агар эшитса, унга оғир ботадиган, дили ранжийдиган тарзда баён этишга айтилади. Бунда ғийбат қилувчи хоҳ тили билан айтсин, хоҳ қалами билан ёзсин ёки тана аъзолари билан ишора қилсин, ғийбат қилинган киши хоҳ кофир, хоҳ мусулмон бўлсин, бунинг аҳамияти йўқ. Кишида мавжуд бўлмаган айб ҳақида гапириш эса туҳмат ва бўҳтон ҳисобланади. Мазкур таърифда келтирилган сўзлар ўқувчига янада тушунарли бўлиши учун қуйида бир неча ҳадис ва ривоятлар зикр этилади.


Ҳикоя. Бир паст бўйли аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди.У кетганидан сўнг Оиша розияллоҳу анҳо: «Бу аёлнинг бўйи бунча ҳам паст бўлмаса», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, сен уни ғийбат қилдинг», дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Мен унда мавжуд бўлган нарсани айтдим, холос-ку?!», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Бироқ) сен ундаги энг ёмон сифатни зикр қилдинг», дея марҳамат қилдилар.
Тавсия. Буюк тобеъин Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: «Сен бировдаги бор бўлган нарсани (айбни) айтсанг, уни ғийбат қилган, агар унда йўқ нарсани айтсанг, у ҳолда унга бўҳтон қилган бўласан».
Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромлардан: «Ғийбат нима эканини биласизларми?» - деб сўрадилар. Саҳобалар:«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқдир», дея жавоб бердилар. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ғийбат биродарингни у ёқтирмайдиган нарса билан зикр қилишингдир», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, мен айтган нарса биродаримда бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?» - деб сўралган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен айтган нарса унда бор бўлса, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган нарса унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», дея марҳамат қилдилар.
Изоҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «биродаринг» деган сўзлари билан «сен ғийбат қилаётган киши бир қарашда сенга қариндошлиги бўлмаса ҳам, аслида у сенга биродар» демоқчи бўлганлар. Бу биродарлик уч жиҳатдандир. Биринчидан, сенинг ҳам, унинг ҳам бобокалони Одам алайҳиссолату вассаломдирлар. Иккинчидан, сенинг ҳам, унинг ҳам момокалони Ҳавво розияллоҳу анҳодирлар. Учинчидан, ҳар иккингиз мусулмонсизлар, мусулмонлар эса ўзаро ака-укадирлар. Киши туғишган ака-укасини ғийбат қилишдан ва уни хорлашдан иложи борича сақланганидек, бошқа кишининг айбини фош қилишдан ҳам сакланмоғи лозим.
Эслатма. Бу замонда ҳамма ўта расво ва ёмон иш бўлмиш ғийбатга муккасидан кетди. Ҳар бир одам ғийбатнинг таърифини ўз нафсига мувофиқ шаклда баён қилади. Баъзи одамлар «ғийбат» деганда кишининг олдида айтолмайдиган ёмон сифатларини унинг йўқлигида айтишни тушунадилар. Шунинг учун унинг олдида ҳам айта оладиган айбларини ортидан гапириш ғийбат бўлмайди, деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, иш улар ўйлаганидек эмас.
Ҳикоя. Мен ғийбат қилаётган бир кишини кўриб, унга: «Жаноб, нима учун кишиларнинг айбини гапириб, уларни ғийбат қиляпсиз?» - дедим. У киши: «Мен у одамнинг айбларини ўзининг олдида ҳам қўрқмай айтавераман, шундай экан, бу ғийбат бўлмайди», деди. Ҳолбуки, бу гап нотўғри эди.
Батафсил тушунча. Юқорида нақл қилинган ҳадисларда киши айбини унинг олдида айта олиш ёки айта олмаслик деган қайд йўқ, балки ҳукм умумийдир. Яъни, кишининг айби унинг олдида ҳам айта олиш ёки айта олмасликдан қатъи назар ўзи йўқлигида айтилса, шунинг ўзи ғийбатдир. Шунингдек баъзилар: «Катта одам ўзидан кичикларнинг айбини айтса, (катта киши кичик одамдан қўрқмай, орқасидан айтган нарсани унинг олдида ҳам айта олгани боис) ғийбат бўлмайди», деб ўйлайдилар. Ваҳоланки, бу ҳам ғийбатдир.
Нотўғри тушунча. Баъзилар: «Кишида бўлмагап ёмон сифатларни зикр қилиш ғийбат бўлади, агар унда ростдан ҳам бор бўлган айблар баён қилинса, ғийбат бўлмайди», дейдилар. Ҳолбуки, бу гап ҳам тўғри эмас. Ҳозиргина зикр этилган ҳадислардан йўқ айбни гапириш ғийбат эмас, балки бўҳтон экани маълум бўлди. Бўҳтон эса ғийбатдан ҳам оғирроқ гуноҳдир. Демак, баъзиларнинг юқоридаги гаплари Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом сўзларига буткул зид экан. Яна баъзилар: «Бировнинг ҳеч кимга маълум бўлмаган ёмон сифатини зикр қилиш ғийбат бўлади, ҳаммага машҳур бўлган айбларини баён қилиш эса ғийбат эмас», дейдилар. Шунинг учун унга: «Нима учун ғийбат қиляпсиз», десангиз, у: «Мен айтган айб махфий эмас, ҳамма одам ундан хабардор, яъни улар мен айтгандан сўнг билиб қолгани йўқ, балки уни аввалдан ҳам билар эдилар, шунинг учун бу ғийбат бўлмайди», деб жавоб беради. Бу ҳам нотўғри тушунча. Зеро, кишининг яширин айбини айтиш билан маълум ва машҳур айбини гапириш ўртасида фарқ йўқ. Ҳар иккиси ҳам бирдек ғийбатдир. Лекин машҳур бўлмаган айбни айтган кишига иккита гуноҳ бўлади, биринчиси, ғийбат қилгани учун, иккинчиси, айбни очгани учун. Машҳур айб баён қилинганда эса, айбни очиш деган жиноят бўлмаса ҳам, ғийбат қилиш жинояти бўлади. Яъни, ғийбат учун гуноҳ ёзилиши аниқ. «Маълум ва машҳур бўлган айбни айтиш нима учун ғийбат бўлади?» - десангиз, бу саволга жавоб ушбу рисоланинг аввалидаги ҳикояда келтириб ўтилди. Унда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир аёлнинг бўйи пастлигини гапирган Оиша онамиз розияллоҳу анҳога танбеҳ берганлар ва у кишининг мазкур гапини ғийбат деб баҳолаганлар. Ваҳоланки, у аёлнинг бўйи пастлиги ҳаммага маълум бўлган. Бироқ, мана шу айблов унинг қулоғига етиб борса, қалби озор топиши аниқ эди. Демак, ғийбат вужудга келиши учун киши айбини унинг ортидан гапиришнинг ўзи етарлидир. Айбнинг эл орасида маълум ёки номаълумлигига қаралмайди.

Муҳаммад Абдулҳай Лакхнавий
"Ғийбат ўзи нима?"китобидан

 

Ҳозир сайтимизда 454 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ