Мақолалар
Онангдан ор қилма, болам...
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 19 Июль 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ота- онамдан ёш етим қолганим боис, холам ва поччамнинг хоҳиши билан ўн саккиз ёшимда ўзимдан ўн ёш катта одамга турмушга чиқдим. Тўйдан кейин эрим мендан аввал ҳам уйланиб ажрашганини билиб қолдим. Билганим билан нима ҳам қилардим. Дардимни эшитадиган, менга ғамхўрлик қиладиган ота-онам бормиди?..
Яшайвердим. Ўғил-қизларим туғилди. Эр уйида, қайнона-қайинбўйинларим дастидан кўрган-кечирганларим, бошимдан ўтказган оғир кунларни айтиб адо қилолмайман. Тақдиримда бору шу экан, деб чидаб яшайвердим. Бундан ҳам баттар кўргуликлар эрим вафот этганидан кейин бошланди. Турмуш ўртоғим хасталаниб қолганида шифокорларнинг тавсияси билан Хоразмдан Тошкент вилоятига кўчиб келдик. Бу ерда икки йил яшаганимиздан кейин, Аллоҳнинг иродаси билан эрим вафот этди. Эримнинг жасадини ўзимизнинг юртимиз - Хоразмга олиб кетдик. У ерда эримнинг маъракаларини ўтказдик. Ҳаммаси тинчигач, эримнинг ака-укаларига энди биз ҳам юртимизга қайтишимизни, ўз уйимизга кўчиб келишимизни айтдим.
- Бу ерда сизларга ҳеч қандай жой йўқ. Мана отамиз уйни мени номимга ўтказиб берганлар,- деди кичик қайним сурбетларча.- Ўша ерда яшайверинглар, иссиқ жойингизни ҳеч совутманг. Уй болаларимга тегишли эканини, мен қўлимда ҳеч қандай касбу кори йўқ аёл, бегоан юртларда қандай қилиб рўзғор боқаман, бола тарбиялайман, болаларни қандай қилиб оёққа қўяман деб роса ялиндим. Уларга инсоф битмади. Болаларим билан Тошкентга қайтдик. Бир муддат нима қилишни билмай бисотимда бор нарсаларни сотиб ея бошладик. Ахир ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди-ку! Тобора аҳволимиз қийинлашиб бораверди. Охири бир дугонамнинг маслаҳати билан хоразмлик машҳур санъаткорнинг уйида хизматкорлик қиладиган бўлдим. Санъаткорнинг иддаолари, миннату койишлари, ўзини осмондан олиб менга паст назар билан қараб қулдай муомала қилишига ҳам кўникиб кетдим. Нима қилиб бўлса ҳам бешта етим боламни улғайтириб, элга қўшиш эди ниятим. Болаларим ҳам унинг бунинг эшигида қўлидан келганча меҳнат қилиб тирикчилигимизни амал-тақал қилардик. Тўнғич ўғлим мактабни битириб ҳарбий соҳа бўйича ўқишга кирди. Болам ўқишларини битказиб, ишга кирса, албатта қабатимга киради, отасининг йўқлигини билинтирмай ука-сингилларини уйли-жойли қилишимга ёрдам беради деб ўзимда йўқ севиндим. Кун санаб, соатга термулиб ўғлимнинг ўқиши ниҳояланишини, тезроқ ишга кириб маошидан тўрттагина нон кўтариб келишини, бошимни баланд кўтариб мени ерга урганларга ўғлим олиб келган нарсаларни кўрсатиб мақтанишни орзу қилардим. Ўтган тўрт йил мобайнида шу истак дилимдан ўтмаган бир кун бўлмади. Вақт югурик. Умр оқар сув мисоли. Тўрт йил ҳам сувдай оқди-кетди. Мен кутган кунлар ҳам келди. Ўғлимни Қашқадарё вилоятига ишга юборишди. Бир ойдан сўнг ўғлим қўнғироқ қилиб қувониб-энтикиб:
- Онажон, сизга пул юборяпман. Мен бу ердан жавоб сўраб уйга бориб-келишимга бир ҳафта кетади. Яхшиси, сизга пул жўнатман-да, вазифамни бажариб юравераман. Ўзингиз менинг номимдан чиройли либос олиб кийинг. Ширин-ширин овқатлар билан ўзингизни, ука-сингилларимни меҳмон қилинг. Яйраб-яшнаб пулимни сарфланг,- деб мен ҳали умримда ушлаб кўрмаган миқдорда пул жўнатди. Айтишича, бизга юборганидан ташқари ўзига ҳам бир ойлик эҳтиёжига етадиган маблағ олиб қолган экан. Ўғлим жўнатган пул қўлимга теккан заҳоти энтикиб-суюниб тўйга ният қилиб келинчакнинг сарпо-суруғини йиғишга тушдим. Она бўлиб ҳали беш фарзандимнинг бирортасига икки энлик мато олиб қўйиб, тўйга деб ният қилган хотин эмасдим. Бошқалар бешикдаги боласига ният билан сарпо тахласа, мен болаларимнинг қорнини зўрға тўйдираётганимдан ўксиниб қараб турардим. Хуллас, боламнинг пулини қайси юз билан еб ётаман, эрта-индин унинг ҳам бошини иккита қилишим керак деб, мен ҳам оналик вазифамни адо этишга тушдим. Ўғлимдан етти ойгача ойма- ой пул келиб турди. Бу ёқда ҳам ўзини, ҳам узатилишга тайёр бўлган сингилларининг сарпосини тахлашга улгурдим. Тинмай Худога шукрона айтардим. Ўғлимнинг умрини, соғлигини сўраб кечалари Яратганга ёлвориб чиқардим.
Кейинчалик негадир ўғлимдан пул келмай қолди. Ўзининг бирор эҳтиёжига зарур бўлгандир, ахир кап-катта йигит бўлса, телефонми, компьютерми бирор нима олгандир деган хаёл билан ўзимни овутиб, ўғлимдан сабабини сўрашга истиҳола қилдим. Кейинги ой ҳам пул келмади. Шундай қилиб, кейинги уч ойда умуман пул жўнатмади. Ишида бирор муаммо пайдо бўлибдимикан, деган хавотирда қўнғироқлашганимизда секингина сўрадим.
- Сиз билан маслаҳатлашадиган гап бор, ойижон,- деди ўғлим саволимга жавобан.- Йўл кирангизга пул жўнатаман, бу ёққа келасиз,- деди. Ҳақиқатдан ҳам эртаси куни почтадан ўғлим юборган пулни олдим-да, тинчликмикан, деган хавотирда юрак ҳовучлаб йўлга тушдим. Манзилда ўғлимнинг ўзи кутиб олди.
- Мен уйланяпман, ойи,- деди у салом-алик, ҳол сўрашлардан кейин.- Эртага ресторанда тўйимиз бўлади. Сизни шунга чақиртиргандим.
- Вой... Вой, ўғлим, ахир шуни бир оғиз айтсанг сенга йўқ дермидим?! Мени ҳам келинимга атаган кўрманаларим бор эди. Ахир, орзу-ҳавасларим бор мени ҳам. Сарпо-суруқ, кўрпа-кўрпачалар қавиб қўйганман. Болам, мен ҳам бошқа оналарга ўхшаб совчиликка бориб қиз танлай деганман. Сендай ўғлим бор, ахир. Сени ҳар қанақа қизга лойиқ кўравермайман мен. Уйланаётган қизинг қанақа қиз эканки, йигит томонидан уни ҳеч ким сўраб бормаса ҳам тегиб кетаверса! Қизни ёш нарса десам, ота-онаси-чи?! Улар ҳам индамай қизини чиқариб берадиган қандай одамлар экан,- деб ерга ўтирволиб ҳўнг-ҳўнг йиғлайвердим.
- Эй, ойи, ҳадеб йиғлайверманг!- Ўғлим важоҳат билан бақирди.- Мен бир бойваччанинг қизини яхши кўриб қолдим. Уларга сизнинг анави артистнинг уйида хизматкорлигингизни айтолмасдим. Шунинг учун менинг ҳеч кимиим йўқ, ота-онам ёшлигимда ўлиб кетишган, болалар уйидан бир аёл олиб катта қилган, дейишга мажбур бўлдим. Тўйдан кейин секингина келинингизга тушунтираман. Сиз бугун бориб мени асраб олган онамдек қайнота-қайнонамга кўринасиз!
Ўғлим мен ҳеч кутмаган, кутиш тугул хаёлимга ҳам келтирмаган гапни гапирди. Кошкийди бу гапларни эшитгунимча, қаро ерга кириб, отасига ўхшаб ёлғон дунё ташвишларидан халос бўлганимда эди. Кошки бир кўз билан боққан боламдан шу гапни эшитгунча ер ёрилиб, мени қаърига тортса эди! Ё, Раббим, наҳотки менга бир умр фақат азият чекишни тақдир қилган бўлсанг?! Кун келиб ўз фарзандим хизматкорлигимдан ор қилади деб ўйламагандим. Ахир мен болаларим бировдан кам бўлмасин, шугина эримдан ёдгорларимнинг кўнгли ўксимасин деб бировларнинг хизматини қилгандимку. Мен бошқа аёллардай ёмон йўлларга кирмадим, эрим ўлди деб, бойвачча эркакларга сузилмадим, болаларимни етимхонага топшириб эрга тегишни маслаҳат берганлар бўлди, кўзимга балодек кўринди улар. Наҳотки, ўшалар ҳақ экан?..
Ўғлимнинг тўйида бегонадек, етимдек ўтиришни ўзимга эп кўрмадим. “Майли, бахтли бўл, розиман. Мендан ор қилсанг, бахтингга халал бермайман. Фақат жигарларингга бегона бўлма” дедиму, ўғлимнинг ҳай-ҳайлашига қарамай ортимга- уйга қайтдим...
Онанинг айтганларини Баҳор оққа кўчирди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар